Давлат тили департаменти тугатилди: тарихий ташаббуснинг умри 3 йилмиди?

Ўзбекистонда Маъмурий ислоҳотларнинг янги даври бошланиб кетди. Президентнинг “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2022 йил 21 декабрдаги ПФ-269-сон фармони асосида замонавий талабларга жавоб берадиган ихчам давлат бошқаруви тизимини шакллантириш бошланди. Бундан мақсад ихчам, содда ва натижа учун ишлайдиган давлат органларини шакллантиришдир.

Албатта, давлат бюджетидан молиялаштирилаётган, бир-бирининг функцияларини такрорлайдиган идоралар камаяётгани таҳсинга лойиқ. Халқнинг машаққатли меҳнати эвазига шаклланадиган Бюджет маблағлари тежалади, назоратчилару ҳархил бюрократик тўсиқлар камаяди.

Ижро тизимининг оптималлашиши ҳар бир соҳанинг функционал вазифалари сифатли бажарилишига катта ижобий таъсир кўрсатишидан кўпчилик умидвор.

Шу ўринда “қисқартиришлар” масаласининг бошқа бир жиҳати эътиборимизни тортди.

Юқоридаги фармоннинг 2-бандига асосан, Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи тузилмасида иқтисодиёт ва ижтимоий соҳалар бўйича котибиятлар, департаментлар ва улар ҳузуридаги бўлимлар, шунингдек, Маданий меросни ҳимоя қилиш инспекцияси, Ҳарбийлаштирилган тузилмалар фаолиятини молиявий ва моддий-техник таъминлаш бўлими, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш масалалари бўлими тугатилди.

Демак, Вазирлар Маҳкамасининг Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш масалалари департаменти ҳам тугатилди.

Нега? Давлат тилининг, бу департаментнинг тақдири нима бўлади энди?

Ахир давлат тили бўйича департаментнинг вазифалари, функциялари, масъулиятини зиммасига оладиган бошқа бирор бир тузилма йўқку.

Бу департамент бошқа ҳар қандай тузилмадан спецификаси, ўрни, функциялари, умуман шундай департамент мавжудлигининг ўзи билан бутунлай фарқланади.

Эсингизда бўлса Президент Шавкат Мирзиёев 2019 йил 21 декабрда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг ўттиз йиллигига бағишланган тантанали маросимда Вазирлар Маҳкамасида Давлат тилини ривожлантириш бўйича алоҳида тузилма ташкил этилганини тантанали маълум қилган эди. Шу куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида ходимларининг умумий чекланган сони 9 та штат бирлигидан иборат Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил этилган ва унинг тузилмаси тасдиқланган эди.

Буни халқимиз, жамоатчилигимиз қайдай катта хурсандчилик билан кутиб олгани, 1989 йилда Ўзбек тилига давлат тили мақомини бериш тўғрисидаги қонундан кейин 30 йилда қабул қилинган илк ҳужжат деб қабул қилингани эсингиздадир.

Нима бу тарихий Фармоннинг, бу тарихий ташаббуснинг умри 3 йилмиди?

Ахир ушбу департамент давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилинишини, соҳага оид муаммоларни таҳлил этиб, бу борада ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлаши айтилган эди-ку.

Нега энди бу ташаббус ном нишонсиз йўқ бўлиб кетмоқда?

Миллат руҳини ифода этадиган, муҳим миллий масала бўлган ўз она тилимиз, яъни давлат тили билан боғлиқ экани боис ҳам ўзгаришлар фонида кимлардир “ими-жими”да шу департаментни бошқаларига қўшиб йўқотиб юбормаяптими, деган бир шубҳа ҳам йўқ эмас.

Ахир мана шу ислоҳотлар ҳақида илк бор айтилган Мурожаатномада Президент тил масаласига алоҳида тўхталди. Миллий ўзлигимиз тимсоли, маънавиятимиз асоси бўлган она тилимизга эътибор янада кучайтирилишини таъкидлади-ку.

Албатта савол туғилган бўлиши мумкин: Ўзи шу вақтгача бу департамент нима ташаббус кўрсатди? Она тилимиз ҳимояси учун бирорта кўзга кўринарли амалий иш қилдими?

Бу саволлар, эътирозлар ўринли. Лекин буларнинг бирортаси бундай тузилмадан воз кечишга асос бўла олмайди.

Юқорида айтдик, давлат тили бўйича департамент мавжудлигининг ўзи катта гап. Чунки бугун ажнабий тиллар она тилимизни тобора ҳар томондан сиқиб келаётган бир пайтда, тил департаментининг ҳам йўқолиб кетиши бошқа тилларни тиқиштираётган айрим кимсаларга, ўзбек тилида гапиришни ўзига эп билмайдиган баъзи бировларга яхшигина имдод бериши турган гап. Ундайлар катта қисқартиришлар соясида давлат тили департаменти ҳам қисқариб кетаётганини иложи борича “исини чиқармай” турган бўлиши ҳам ҳеч гап эмас.

Демак, бундай тузилмани сақлаб қолишга аввало ўзбек тили учун жон куйдирадиган кам сонли кишиларгина ҳаракат қилишига тўғри келади (Она тили ҳимоячилари сафида давлат раҳбарининг ўзи ҳам борлигига шубҳамиз йўқ). Демак, бу ҳақда гапиришимиз, мутасаддилардан сўрашимиз шарт. Бундай пайтда тил департаментининг фаолиятига эътирозлар ушбу тузилмани сақлаб қолишга тўсқинлик қилмаслиги зарур деб ўйлаймиз.

Хўш, давлат тили бўйича ҳукумат миқёсидаги тузилма қандай бўлиши керак. Биз нималарни таклиф қилмоқчимиз. Кейинги мақоламиз шу ҳақида.