Андижонда ер усти метроси қурилади

Президент Шавкат Мирзиёев янги авлод ўқув дарсликлари тақдимотида нутқ сўзлади. 

«500 минг киши яшайдиган Янги Андижон шаҳарчасини барпо этяпмиз. У ерда таълим соҳасига ҳам кўп эътибор қаратамиз. Насиб қилса, Андижон марказидан Янги Андижонга қадар ер усти метросини ҳам олиб борамиз.

Нафақат Янги Андижон, барча ҳудудларимизда муаллимларга ҳам, ўқувчиларга ҳам катта эътиборни кучайтирамиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

Президент мактаб ўқувчилари ва мажбурий меҳнат ҳақида:

«Бу қарорни (мактаб ўқувчиларини мажбурий меҳнатга жалб этишни тақиқлаш) қабул қилиш осон бўлгани йўқ.

Болаларимиз 7-синфдан чиқарди пахтага. Тасаввур қилинг, ёш-ёш қизларимиз 20-25 кило юкни ҳар куни кўтаришга мажбур эди. Шу туфайли қанча касалликлар орттириб олинарди, баъзи ҳолатларда уни даволашга ҳам имконият бўлмасди.

Ваҳоланки, уларнинг қанчадан-қанча орзулари бор эди, улар фарзанд кўриши керак эди. Энди у кунларга қайтмаймиз», — деди Шавкат Мирзиёев.