Финляндия президенти Саули Ниинистё ўзининг янги йил мурожаатида Россия президенти Владимир Путинни Сталинга қиёслади. Унинг мурожаати президент сайтида эълон қилинди.
Ниинистё 2022 йил мамлакатни ўтмишга қайтаргани, Европага эса буюк уруш даҳшатлари қайтганини айтди. Унинг фикрича, Финляндиянинг ташқи ва хавфсизлик сиёсати ҳозирда тарихий бурилиш нуқтасини бошдан кечирмоқда.
«Агар Россия кенг масштабдаги таҳдид Украинани тезда тиз чўктиришига ишонган бўлса, жиддий хатога йўл қўйди. Совет Иттифоқи икки ҳафта ичида Хелсинкига етиб боришини тахмин қилган қишки уруш билан Украинадаги вазиятнинг ўхшашлиги ҳақида ўйламаслик мумкин эмас.
Авторитар давлат раҳбарлари сифатида Сталин ва Путин асосий омилни аниқлай олмади. Гап шундаки, озод юртда яшаётган одамларнинг ўз иродаси, эътиқоди бор. Ҳамжиҳатликда ишлаётган халқ жуда катта куч ҳисобланади», — деди у.
Финляндия раҳбари Россиянинг иккинчи хатоси Ғарбнинг Украина халқига раҳм-шафқати ўтиб кетади деган фикри эканини таъкидлади.
Аввалроқ НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Мадридда бўлиб ўтаётган Парламент ассамблеясида Россия президенти Владимир Путин йўл қўйган иккита стратегик хатони айтганди.
Столтенбергнинг фикрича, Путин Украина халқининг жасорати ва Шимолий Атлантика альянси бирлигини паст баҳолаб, стратегик хатога йўл қўйган. НАТО бош котиби узоқ уришга тайёр бўлиш кераклиги ҳақида огоҳлантирган. У Россия президенти ҳарбий амалиётда муваффақиятсизликка учраганига қарамай, Россиянинг ҳарбий қудратини паст баҳолаш хато ҳисобланишини қўшимча қилган.