Самарқанд ва Қашқадарёда юз берган ЙТҲ оқибатида 6 киши оламдан ўтди

Самарқанд туманида содир бўлган ЙТҲда икки нафар пиёда вафот этди.

Вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар қилишича, 2023 йил 1 январь куни соат 21:30 ларда Самарқанд тумани Уста Умар Жўрақулов кўчасида ҳайдовчи Б.У. бошқарувидаги «Audi» йўлга югуриб чиққан икки нафар пиёдани уриб юборган. ЙТҲ оқибатида пиёдалар вафот этган.

Ҳолат юзасидан Самарқанд тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266 моддаси 2-қисми (Одам ўлимига сабаб бўлган транспорт бошқариш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи процессуал тартибда ушланган.

Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, 3 январь куни тахминан соат 18:20лар чамасида Яккабоғ тумани «Алакуйлак» МФЙда яшовчи Р.А. ўзини бошқарувида бўлган «Нексия-2» русумли автомашинасида тўрт кишини босиб кетди.

У «Тошкент-Термиз» М-39 йўлининг 1139 кмда Шаҳрисабз туманидан Яккабоғ тумани йўналишида ҳаракатланаётганда йўлнинг чап томонидан ўнг томонига ўтаётган, Яккабоғ тумани «Наврўз» МФЙда яшовчилар Ж.Х., М.М., вояга етмаганлар Ш.С., Ш.Х.ни уриб юбориб, ЙТҲ содир этган.

Натижада уч нафар фуқаро олган тан жароҳати туфайли воқеа жойида ҳалок бўлган. Бир нафари тан жароҳати олиб шифохонада вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Яккабоғ туман ИИБ ТБ томонидан Р.А. га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» бандига асосан жиноят иши қўзғатилди.

Ҳайдовчи Р.А. Жиноят процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланиб, унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.