Йиртиқ ва яримта пуллар билан ҳам тўловни амалга ошириш мумкинми?

Ўзбекистон ҳудудида йиртилган, ямалган, бўёқ теккан ва яримта пуллар билан ҳам тўловларни амалга ошириш мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг “Тижорат банкларида касса ишини ташкил этиш, нақд пул ва бошқа қимматликларни инкассация қилишга доир йўриқномани тасдиқлаш ҳақида”даги Қарорининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг банкнот ва тангаларини тўловга яроқли эканлигини аниқлаш мезонлари тўғрисидаги иловасида назарда тутилган.

Қарор талабларига кўра, Ўзбекистон ҳудудида фаолият юритаётган барча хўжалик юритувчи субъектлар тегишли ҳимоя белгиларига эга бўлган қуйидаги банкнотларни ҳеч қандай монеликсиз тўловга қабул қилишлари ва тушум пули сифатида банкларга топширишлари лозим:

• ҳар қандай қисмида тешик ёки йиртилиш бўлган, қоғози сийқаланган (ишқаланиш оқибатида юпқалашиб, юмшоқ қоғоз кўринишига келиб қолган) ҳамда доғлари бўлган ва турли расм ва ёзувлар ёзилган банкнотлар;

• йиртилиб бўлакларга ажралган ва елимланган пуллар (агар пулнинг қисмлари шубҳасиз битта банкнотга тегишли бўлса);

• бўёқ моддалари ёки кислота тўкилган, табиий ранги ўзгарган, куйган, бўялган ёки чизилган пуллар;

• умумий ҳажмининг 55 фоизидан кам бўлмаган қисмини сақлаб қолган банкнотлар.

“Бироқ, банк кассасига мижозлар томонидан тегишли ҳимоя белгилари мавжуд бўлган, лекин жиддий шикастланган (хусусан, катта бир қисми, яъни банкнот умумий ҳажмининг камида 40-45 фоизи мавжуд бўлмаган) банкнотлар тақдим этилса, уларнинг тўловга яроқли эканлигини аниқлашда махсус катакчалардан фойдаланиш лозим”, дейилган Қарорда.

Маълумот ўрнида, Қонунда назарда тутилган махсус катакчалар банкнотанинг сақланиб қолган қисмини аниқлашда ишлатилади.