Наманганда қалбаки хорижий валюталар йўқ қилинди

Мамлакатимизда контрабанда йўли билан кириб келган турли буюм ва воситаларнинг ноқонуний айланишига қарши тизимли чора-тадбирлар кўрилмоқда. Бунинг натижасида истеъмолга кириб келиши мумкин бўлган қалбаки пуллар муомаласи ҳам ўз вақтида бартараф этилмоқда.

Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Наманган вилояти бошқармасининг Косонсой тумани бўлими томонидан ўтказилган навбатдаги тадбир давомида ашёвий далил сифатида олинган 5 минг 500 евро қалбаки пул йўқ қилинди.  

Аниқланишича, фуқаро Г. Г ва бошқалар яширин йўллар билан кириб келган, қалбаки чет эл валютасини сотишни режа қилишган. Бироқ, тезкор тадбир давомида бу яширинча қилмишлари фош бўлиб, 11 дона 500 номинал қийматдаги қалбаки евро банкноталар билан қўлга тушишади. Уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, суднинг ҳукми эълон қилинди.  

Мазкур ҳукмда ашёвий далил сифатида олинган 5 минг 500 евро қалбаки валютани йўқ қилиш белгиланган. Айнан Бюронинг Косонсой туман бўлимида ўтказилган тадбирда тегишли ташкилотлар вакиллари иштирокида ушбу хорижий валюталар ёқиб юбориш йўли билан йўқ қилинди.