АҚШ озиқ-овқат ва фармацевтика идораси бедаво ҳисобланган альцгеймер касаллигини тузатишда қўллаш учун янги препаратни тасдиқлади.
Қайд этилишича, Янги препарат Япониянинг Eisai ва Америка Қўшма Штатларининг Biogen компанияларининг қўшма маҳсулоти бўлиб, унга “Leqembi” дея ном берилган. Препарат самарадорлиги исботлангани ва аҳоли орасида талабнинг юқорилиги учун тезлаштирилган асосда расмий идоралар томонидан тасдиқланган.
АҚШ озиқ-овқат ва фармацевтика идорасига кўра, бу даволаш усули касаллик белгилари кузатилганида уни тўхтатишда самара берган. Аммо препарат ёрлиғида касалликнинг эрта ёки кейинги босқичларида даволаниш бошланганида хавфсизлик ёки самарадорлик ҳақида маълумот йўқлиги таъкидланган.
Препаратнинг синов жараёнлари, альцгеймер касаллигининг енгил бузилишлари аниқланган 865 беморда ўтказилган ва янги препаратни истеъмол қилган гуруҳ, одатий усулда даволанган гуруҳга қараганда яхшироқ натижага эришган.
Альцгеймер касаллиги ҳақида
Альцгеймер касаллиги қадимги шифокорлар томонидан тасвирланган. Аммо немис психиатри Алоис Альцгеймер ниҳоят унинг сабаблари, даври ва аломатларини 1901 йилда аниқлай олган. Олти йил ўтгач, у ўз беморларидан бирида ушбу касалликнинг кечишини батафсил ўрганиб чиқди. Ўшандан бери бу касаллик унинг номи билан аталади.
Одатда бу хасталик 65 ёшдан ошган кишиларда кузатилади. Аммо эрта алъцгеймер касаллиги ҳам мавжуд бўлиб, хасталикнинг бу шакли кам учрайди. У 2006 йилда глобал касалликлар қаторидан ўрин олиб, хасталикка чалинганлар сони 26,6 миллионни ташкил этди. 2050 йилга келиб ушбу рақам 4 бараварга ошиши мумкин.
Одатда касаллик кичик аломатлар билан бошланиб, вақт ўтгани сайин ривожланиб боради. Биринчи аломатлар якуний ташхисдан бир неча йил олдин пайдо бўлади. Касалликнинг ушбу даври “бошланғич” дейилади. Алцгеймер касаллигининг сабаблари ва ривожланиши ҳақида тўлиқ маълумот ҳали олинмаган. Унинг бошланишини қисқа муддатли хотиранинг бузилиши ва янги маълумотларни ўзлаштиришда қийинчиликларда акс этади. Шунингдек, диққатни жамлаш, ўз фаолиятини режалаштиришга қодир эмаслик, мавҳум ва мантиқий фикрлаш билан боғлиқ муаммолар пайдо бўлиши, баъзи сўзларнинг маъносини унутиш – касалликнинг ташвишли сигналидир.
Айрим ҳолларда хасталик узоқ муддат ўзини юзага чиқармайди. Аниқ ташхисдан кейин ўртача умр кўриш муддати эса етти йил. Беморларнинг камида 3 фоизи 14 йилдан кўпроқ яшайдилар.
Замонавий терапия усуллари симптомларни бироз енгиллаштиради, аммо ҳозирги кунга қадар улар касалликнинг ривожланишини тўхтатиш ёки сусайтиришга имкон бермайди. Терапиянинг кўплаб истиқболли усуллари клиник синовлар босқичига етди, уларнинг сони 2008 йилда беш юздан ошди, аммо уларнинг самарадорлиги исботини топмаган.
Альцгеймер касаллигининг олдини олишнинг кўплаб усуллари мавжуд, аммо уларнинг касалликка таъсири қайд этилмаган. Касалликнинг олдини олиш учун ҳам, уни назорат қилиш учун ҳам жисмоний машқлар қилиш, фикрлашни рағбатлантириш ва соғлом овқатланишга риоя қилиш тавсия этилади.