Овчи экологлар лавозимидан озод этилди

Хоразм вилояти Экология бошқармаси ходимлари лавозимидан озод этилди. Аввалроқ улар билан боғлиқ ов суратлари тарқалганди. Экологларга нисбатан хизмат текшируви олиб борилган. Бу ҳақда Табиат ресурслари вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Айтилишича, хизмат текшируви давомида 2019-йилнинг январ ойида Янгибозор туманида И.Қўчқоров ўзига тегишли бўлган ов қуроли ва ов қилиш гувоҳномаси билан овга чиқганлиги, бироқ у тегишли тартибда ов қилиш йўлланмасини олмасдан, 2 бош ёввойи чурракни овлаганлиги маълум бўлди.

Шунингдек, ўрганишлар жараёнида шу куни Ж. Собиров ва Н. Оллоберганов Янгибозор тумани ҳудудида рейд тадбирини амалга ошираётган вақтида воқеа жойида И.Қўчқоровни учратиб, улар биргаликда суратга тушишганлиги, аммо инспекторлар томонидан ушбу қонунбузилиш ҳолати юзасидан тегишли тартибда ҳеч қандай чора кўрилмагани аниқланди.

Ҳозирда И. Қўчқоров экология тизимида ишламайди. У билан тузилган меҳнат шартномаси ўзининг хоҳишига кўра, 2022-йил 1-ноябрдан бекор қилинган.

Ушбу ҳолат юзасидан И.Қўчқоровга нисбатан тўпланган ҳужжатлар Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодексининг 36 ва 38-моддаларига асосан кўриб чиқиш учун тегишли тартибда расмийлаштирилиб, суд органларига тақдим этилди.

Ж.Собиров ва Н.Оллоберганов ўз фаолиятини соҳага оид қонун ҳужжатлари, низом ва лавозим йўриқномасида белгиланган ваколатлари доирасида амалга оширмаганлиги қонуний тартибда кўриб чиқилиб, улар эгаллаб турган лавозимидан озод этиш тўғрисида қарор қабул қилинди, дейилади хабарда.