Хитой Халқ Республикаси Давлат хавфсизлик вазирлиги партия қўмитасининг собиқ аъзоси, собиқ генерал-майор Лю Яньпин 34,5 миллион доллар миқдорида пора олганликда айбланиб ўлим жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда Хитой марказий телевидениеси хабар берди.
Суд 2001 йилдан 2022 йилгача Лю Яньпин учинчи шахсларга бизнес ва турли ишларни ҳал қилишда ноқонуний ёрдам берганини аниқлади. Бу даврда у 234 миллион юанлик (тахминан 34,5 миллион доллар) нақд пул ва қимматбаҳо совғаларни олган.
Лю Яньпин сиёсий ҳуқуқларидан маҳрум қилинади, унинг барча мол-мулки ва ноқонуний йўллар билан орттирилган даромадлари мусодара қилинади ҳамда давлат ғазнасига ўтказилади.
У ХХР Жамоат хавфсизлиги вазирлиги ва Миллий хавфсизлик вазирлигида турли лавозимларда ишлаган. Охирги ўн йил ичида у ХХР жамоат хавфсизлиги вазири ўринбосари лавозимида, шунингдек, ХХР Жамоат хавфсизлиги вазирлигининг тартиб-интизом комиссиясига раислик қилган.
Қайд этилишича, у 2 йил муддатга кечиктириш шарти билан ўлим жазосига тортилган. Агар маҳкум муддат ўтказилгандан сўнг, шу икки йил ичида қасддан жиноят содир этмаса, жазо умрбод озодликдан маҳрум қилиш билан алмаштирилиши мумкин.