Ўзбекистонда хотин-қизлар, болалар ва кекса ёшдаги ота-оналар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Унга кўра, 18 ёшга тўлмаганларнинг номусига тегиш, зўрлик ишлатиб, жинсий эҳтиёжни қондириш учун жавобгарлик кучайтирилмоқда. Хусусан, уларга нисбатан амнистия қўлланмайди.
Адлия вазирлиги томонидан «Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси 11 январь куни муҳокамалар порталига қўйилди.
Лойиҳага кўра, 18 ёшга тўлмаган жабрланувчининг номусига тегиш, унга нисбатан зўрлик ишлатиб, жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш, фоҳишаликка жалб қилиш, вояга етмаган шахс тавсифланган порнографик маҳсулотни тайёрлаш учун жавобгарлик кучайтирилмоқда. Хусусан, уларга нисбатан жазодан муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштириш қўлланмайди.
Бундан ташқари,
аёлни ҳомиласини сунъий туширишга мажбурлаш (таклиф: 30 млн сўмдан 60 млн сўмгача жарима ёки 3 йилдан 5 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд 300 соатдан 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари);
номусга тегиш ёхуд жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш (таклиф: 1-қисми 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш; 2-қисми 8 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш);
шахсни жинсий алоқа қилишга мажбур этиш (таклиф: 300 соатдан 480 соатгача мажбурий жамоат ишлари, 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш);
16 ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш (таклиф: 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш);
унга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш (таклиф: 3 йилдан 5 йилгача озодликдан чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш) учун жазо оғирлаштирилмоқда.
Шахс ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи маълумотларни ошкор қилганлик (интим ҳаёт дахлсизлигини бузиш) учун жавобгарлик (120 млн сўмдан 180 млн сўмгача жарима ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари) белгиланмоқда.
Шунингдек, жамоат жойларида шахсга шилқимлик қилиш: унинг қадди-қоматини шаҳвоний мазмунда тасвирлаш, шу мазмундаги сўзлар билан чақириш, изоҳлаш, қиёслаш, шаҳвоний майлни кўрсатувчи ҳаракатлар қилиш учун маъмурий жавобгарлик (600 минг сўмдан 1,2 млн сўмгача жарима) белгиланмоқда.
Қонун лойиҳасида кўзда тутилишича, вояга етмаган, меҳнатга лаёқатсиз шахслар ва ота-онани моддий таъминлашдан бўйин товлаганлар ҳақ тўланадиган жамоат ишларига мажбурий жалб қилинади.
Ҳужжат билан шахснинг ҳаёти ва соғлиғи, эркинлиги, шаъни ва қадр қимматига, Ўзбекистонга, тинчлик ва инсоният хавфсизлигига қарши жиноятлар учун илгари ҳукм қилинган шахслар вояга етмаганларга хизмат кўрсатиладиган таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларида ишлаши тақиқланмоқда.
Лойиҳани қабул қилиш Давлат бюджетидан қўшимча харажатларни талаб қилмайди. Маълумот учун, муҳокама жараёни 26 январга қадар давом этади.