Шавкат Мирзиёев кўмир ва уран ишлаб чиқаришни кенгайтиришга қаратилган лойиҳалар тақдимоти билан танишди

Шавкат Мирзиёев кўмир ва уран ишлаб чиқаришни кенгайтиришга қаратилган лойиҳалар тақдимоти билан танишди.

Хусусан, жорий йилда “Шарғункўмир” акциядорлик жамиятини модернизация қилиш лойиҳаси якунланади. Бунинг эвазига юртимизда юқори сифатли кўмир қазиб олиш қуввати 900 минг тоннагача ошади.

Ҳисоб-китобларга кўра, юртимиз ҳудудида қарийб 2 миллиард тонна кўмир захиралари мавжуд.

Юртимиз тоғ-кон саноати ривожида яна бир муҳим манба бу – уран. 2022 йил 14 июлда “Навоийуран” давлат корхонасида уран қазиб олиш ҳамда қайта ишлаш ҳажмини ошириш бўйича Президент қарори қабул қилинган эди. Хусусан, уни қазиб чиқаришни 2030 йилгача 2 баробарга ошириб, 7,1 минг тоннага етказиш чоралари белгиланган.

Йиғилишда ушбу чора-тадбирлар ижросига алоҳида эътибор қаратилди.

Франциянинг “Orano Mining” компанияси билан биргаликда амалга оширилаётган лойиҳалар бўйича маълумот берилди. Президент ушбу ҳамкорлик доирасида уран қазиб олиш ва қайта ишлаш самарадорлигини ошириш, қўшимча янги конларни аниқлаш бўйича лойиҳаларни жадаллаштириш юзасидан кўрсатмалар берди.