Ичида 31 нафар ўзбекистонлик бўлган автобус Қозоғистонда бузилиб қолди

Қозоғистонда 12 январь куни Краснодар—Сариағоч йўналиши бўйича ҳаракатланган автобус Самара—Чимкент автомобиль йўлининг 819-километрида бузилиб қолди. Унинг ичида 31 нафар Ўзбекистон фуқароси бўлган, деб хабар беради «Дунё» агентлиги.

Қайд этилишича, автобус аномал совуқ сабаб дизель ёнилғисининг музлаб қолиши оқибатида тўхтаб қолган. Актўбе вилоятининг Хромтау тумани қутқарувчилари йўловчиларни Хромтау шаҳридаги Шерхон кемпингига етказган. Жабрланганлар йўқ, фуқаролар иссиқлик билан таъминланган.

Айни вақтда автобус носозлигини бартараф этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Ўзбекистоннинг Актаудаги бош консуллиги вазиятни назоратга олган.

Ўзбекистон ТИВ Қозоғистон ҳудудида ноқулай об-ҳаво сабаб мураккаб вазиятда қолган фуқароларга мамлакатнинг Остонадаги элчихонасига (+717 2954252), Олмаота (+7273902616) ва Актаудаги (+77292777117) бош консуликкларга мурожаат қилиш тавсия қилинади.