Тошкент шаҳри ва вилоятидаги газ ва электр тармоқларида носозликлар юзага келиб, таъминотда узилишлар содир бўлмоқда — Вазирлик

Энергетика вазирлиги Тошкент шаҳри ҳамда Тошкент вилоятининг айрим ҳудудларида газ ва электр тармоқларида узилишларга нима сабаб бўлаётганини айтди.

Маълум қилишича, совуқ ҳаво ҳарорат туфайли қувурларда газ босимининг пасайиши, электр тармоқлари ва трансформатор пунктларида юкламаларнинг кескин ортиши кузатилмоқда. Бунинг натижасида ҳудудлардаги, хусусан Тошкент шаҳри ва вилоятидаги газ ва электр тармоқларида носозликлар юзага келиб, таъминотда узилишлар содир бўлмоқда.

Хусусан, бугун кун давомида 100дан ортиқ электр ва газ қурилмаларида юзага келган носозликлар бартараф этилган.

Носозликларни бартараф этиш учун барча корхоналарда 24 соат фаолият юритувчи махсус бригадалар ташкил этилган бўлиб, улар зарур транспорт воситалари, қўшимча электр ва газ қурилмалари захиралари билан таъминланган.

Бундан ташқари тармоқларда юкламани камайтириш ҳамда энергия ресурсларини биринчи навбатда аҳоли ва тиббиёт муассасаларига етказиб бериш учун йирик саноат корхоналарига газ ва электр энергияси етказиб бериш ҳажми кескин камайтирилди.

Бундан ташқари барча ҳудудлардаги кўча ёритиш чироқларининг бир қисми ўчирилиб, ундан тежалган электр энергияси аҳолига йўналтирилмоқда.

Шу ўринда истеъмолчилардан вазиятни тўғри тушунган ҳолда энергия ресурслардан имкон қадар самарали фойдаланишларини, ностандарт, энергия самарасиз қурилмалардан фойдаланмасликларини илтимос қиламиз. Иқтисод қилинган электр энергияси бошқа хонадонларнинг чироғи ёнишига сабаб бўлади.