Перу ҳукумати норозилик намойишлари туфайли 15 январдан бошлаб мамлакатнинг айрим ҳудудларида, жумладан, пойтахт Лимада ҳам фавқулодда ҳолат эълон қилди, деб ёзади ЛаRepublicа газетаси. Махсус режим 30 кунга жорий этилди.
«2023 йилнинг 15 январидан бошлаб Пуно, Куско, Лима, Каляо ҳудудларида, Апуримак ҳудудининг Андауайлас провинциясида, Мадре-де-Диос ҳудудининг Тамбопата ва Тахуаману провинцияларида, шунингдек, Мокегуа ҳудудининг Марискал-Нето провинциясидаги Тората шаҳрида 30 календарь кун муддатга фавқулодда ҳолат эълон қилинсин», — дейилади фармонда.
Ички тартиб Перу миллий полицияси ва Қуролли кучлар томонидан таъминланади.
Фармон бешта автомагистрални, жумладан, Жанубий ва Шимолий Пан-Америка магистралларини ҳам қамраб олади. Бундан ташқари, Пуно шаҳри аҳолисига соат 20:00 дан 04:00 гача уйларини тарк этиш тақиқланади. Тақиқ ўн кун давомида амал қилади.
Перудаги норозилик намойишлари декабрь ойининг биринчи ярмида, ўша пайтдаги президент Педро Кастилё уни коррупция айбловлари туфайли ишдан бўшатмоқчи бўлган парламент йиғилиши олдидан Конгрессни тарқатиб юборгани ва фавқулодда ҳолат эълон қилганидан кейин бошланган. Шунга қарамай, депутатлар давлат раҳбарига импичмент эълон қилишди. Кейинчалик Кастилё исёнда айбланиб, ҳибсга олинган ва 18 ойга қамалган.
Давлат раҳбари лавозимини вице-президент Дина Болуарте эгаллади. У 2024 йилда муддатидан олдин сайловлар ўтказиш ҳамда конституциявий ислоҳотларни таклиф қилди. Аммо уни ҳамма ҳам қўллаб-қувватламади.
Январь ойида мамлакатда Болуарте, бош вазир Альберто Отарола, ички ишлар вазирлари Виктор Рохас ва мудофаа вазири Хорхе Чавесга нисбатан тергов бошланди. Улар намойишчиларнинг ўлими туфайли геноцидда айбланмоқда. La Republica қайд этишича, митинглар қурбонларининг умумий сони 40 нафарга яқинлашган.