Наманганда учта юк машинаси ёниб кетди

15 январь куни соат 16:09да Наманган вилояти Поп тумани «Қўшминор» МФЙ ҳудудида кетма-кет ҳаракатланиб кетаётган 3 та “МАN” русумли юк автомобиллари иштирокида йўл транспорт ҳодисаси содир бўлган. Бу ҳақда ФВВ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Натижада юк автомобилларида ёнғин келиб чиққан. Биринчи юк автомобили ёқилғи ташишга мўлжалланган бўлиб, мазут, иккинчи автомобилга кўмир, учинчи автомобилга бўёқ маҳсулотлари ортилган бўлган.

Шунга кўра 4 та ёнғин-қутқарув экипажи соат 16:30 да воқеа жойига етиб бориб, ёнғин соат 16:33 да қуршаб олинган ва соат 17:20 да бартараф этилган.

Ҳодиса оқибатида юк автомобилларида бўлган 3 нафар фуқаро ҳалок бўлган.

Воқеа жойига вилоят ва туман ФВБ раҳбарлари, тегишли ташкилотлар ходимлари етиб борган.

Ҳозирда ИИБ тезкор тергов гуруҳи томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.