Наманганда яна бир туризм қишлоғи барпо этилади

Наманган вилояти, Янгиқўрғон туманидаги  «Нанай» қишлоғи туризм қишлоғига айлантирилмоқда.  Бу вилоят ҳокимининг 2023–2024 йилларда туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш тўғрисидаги қарорига асосан амалга оширилмоқда.  

Таъкидлаш керакки, «Нанай» қишлоғи туризм салоҳияти юқори қишлоқлардан бири ҳисобланади. У бир вақтнинг ўзида 2500 нафар сайёҳни қабул қила олади. Шундан 150 та уй меҳмонхонаси 1500 та сайёҳга, бошқа дам олиш масканлари эса 1000 та сайёҳга хизмат кўрсатиш имконига эга.

Айни дамда «Нанай» қишлоғида қўшимча туризм турлари ва хизматларини ривожлантириш мақсадида экстремал туризм, спорт ва отда сайр хизмати, 10 та овқатланиш шохобчаси, 10 дан кўп савдо нуқтаси ташкил этилди.

Бундан ташқари, қишлоқда 150 дан ортиқ оилавий меҳмон уйи, 20 тага яқин гастрономик хонадон, шунингдек, ҳунарманд (уй) фаолияти йўлга қўйиш ҳамда инфратузиламаларни яхшилаш белгиланган.

Шу билан бирга, «Нанай» туризм қишлоғида 400 дан ортиқ янги иш ўринлари яратиш режалаштирилган. Бундан ташқари, 2023-2024 йилларда ҳунармандчилик маркази, 2023–2025 йилларда эса селфи ҳудудлари, 7 та автотураргоҳ, 10 та йирик дам олиш масканлари қурилиши кўзда тутилган.