«Путинпараст» депутат партиядан ҳайдалди

Қозоғистонда Aзамат Aбилдаев «Ақ жол» партиясидан чиқариб юборилди.

Сабаби Абилдаев Россиянинг Украинага бостириб киришини қўллаб-қувватлашини маълум қилган.

Остона шаҳрида «Ақ жол» демократик партияси Миллий кенгашининг пленуми бўлиб ўтди.

Миллий кенгаш аъзолари Россиянинг Украинага бостириб киришини қўллаб-қувватлаган Aзамат Aбилдаевнинг сўзларини партия позициясига зид, шунингдек, партиявий ва депутатлик этикасига зид эканини таъкидлади.

«Ақ жол» партияси «Қозоғистон ва бошқа дўст давлатларнинг ҳудудий мустақиллиги ва яхлитлигини ҳурмат қилиши ва қўллаб-қувватлаши» таъкидланди.

Бундан ташқари, Aзамат Aбилдаевни нафақат партиядан чиқариш, балки унинг депутатлик ваколатларини тугатиш тўғрисида МСКга хат йўллаш ҳақида ҳам қарор қабул қилинган.

Таъкидлаш жоизки, депутат Aзаттик нашрига берган интервюсида Россия президенти Владимир Путин ва унинг ташқи сиёсатини қўллаб-қувватлашини айтган ва Украина урушини «махсус ҳарбий операция» деб атаган эди.