Туркиянинг Ризе провинцияси Ардешен туманида яшовчи тадбиркор Жемил Эксилмез 360 даража айланадиган икки қаватли уй қурди. Бу ҳақда Daily Sabah хабар берди.
Ёғоч уйнинг прототипи масофадан бошқариш пульти ёрдамида 360 градусга айланиши мумкин. Уйга кўплар қизиқиш билдирган, май ойида худди шундай яшаш жойлари қурилиши бошланади.
«Биз ҳар доим зилзила ва кўчкилар каби топографиямиз туфайли бошимиздан кечирган муаммоларни ҳал қилишга ҳаракат қилдик. Уйда энди қуёш нури тушмайдиган хоналар қолмайди, чунки биз лойиҳалаштирган уй айлана олади. Бир йиллик меҳнатдан сўнг уйнинг оғирлиги, зилзилага чидамлилиги синовдан ўтказилиб, мувофиқлик сертификати олинди», — дея тушунтирди у.
Ҳудудда рельеф ва об-ҳаво шароити туфайли уй қуриш қийинлигини таъкидлаган тадбиркор, айланма уй Европа стандартларига мос равишда тизим билан қурилганини айтди. Сув ва электр уйнинг айланишига мослаштирилганини тушунтирди.
«Биз ўртада сув ва электр энергияси таъминланадиган марказий тизимни яратдик. Уйнинг ўзи тахминан 45 тоннани ташкил қилади. Аммо бинони айлантирувчи механизм 70 тонна оғирликни кўтаришга қодир», — дейди Эксилмез.
Шунингдек, у уйни мижознинг хоҳишига кўра статик ҳисоб-китоблар билан кичрайтириш ёки катталаштириш мумкинлигини қўшимча қилди.
Аввалроқ Дубайда дунёдаги энг баланд Burj Binghatti Jacob & Co Residenceс номи остида 112 қаватли турар жой биноси қурилиши ҳақида маълумот берилганди. Шунингдек, Дубайда айланувчи 80 қаватли Dynamic Tower осмонўпар биноси қурилиши бошланган.