Саволлар аниқ, унга мутасаддилар баҳонаси эмас, жавоби керак!

Қиш ўз номи билан қиш. Қишда ҳамиша совуқ бўлган, қор ёққан. Аммо ўзимизни Ўзбекистонда биринчи бор қиш бўлаётгандек тутяпмиз.

Ҳаво ҳаророти тушиб кетишини билиб, дарҳол унга аномал совуқ деб ном ҳам бердик. Барча айбларни шу аномал совуққа ағдариб юбордик. Муаммони ҳал қилишни, уни келтириб чиқарган сабабларни топишни эмас, энг осон йўли – гуноҳни кимгадир ёки нимагадир тўнкашга шошамиз.

Қачонгача???

Саволларимиз аниқ, бизга баҳона эмас жавоб керак!

Электр энергиясини ким ёки нима учун тинимсиз ўчиряпти, тушунмаяпмиз. Нимани тежаяпмиз, нима учун? Ёзда тежанг, баҳорда тежанг, кузда тежанг. Келиб, келиб қишда тежайсизми?..

Авваллари қарздорликлар кўп, сиз тўласангиз ҳам фалончининг неча миллионлик қарзи бор дедингиз. Газга ҳам, электрга ҳам пули тугаса ўчадиган ҳисоблагич ўрнатдингиз. Бу ҳам албатта истеъмолчилар ҳисобидан. Майли дедик, кўндик, индамадик. Олдиндан тўлаб ишлатяпмиз. Қанча сарфласак ҳам ҳалол. Чунки олдиндан тўловини қилиб қўйганмиз. Ўчириш буйруғини бераётганлар, бу совуқ кунларда, ҳар икки соатда ўчириб, халқни дастурхонига, қозонидаги овқатга нега эгалик қиляпсиз. Қани биз газ, электр учун олдиндан тўлаган пуллар, улар сизнинг ғазнангизни тўлдириб турибдими?! Марҳамат, пулини олдиндан олдингизми маҳсулотни ўз вақтида етказинг! Қачонгача халқнинг манфаатига келганда ишламайдиган ғирром ўйин қиласиз? Электр ёки газни ўчирганда пулларимиз ҳамёнимизга тушиб қолмаяпти. Қайтага совуқдан кексаю ёшга беморлик етяпти. Аввал ўзимиз ишлаб топган пулимиз билан сизнинг чўнтагингизни қаппайтирган бўлсак, ўшанинг ҳаққидан фойдалана олмасдан, энди дорихоналарни бойитяпмиз.

Биздан тежаган газ ва электрни келажак авлодга захира қилаётганингиз йўқ. Бу ҳаммага кундай равшан. Ота-бобоси совуқдан касалманд бўлиб, нимжон туғилган авлод билан келажак яратмоқчимисиз?!.

Ҳар бир ишда меъёр бор, чегара бор. Ҳуқуқий демократик давлатмиз деб, жар соламиз. Қани истеъмолчи ҳуқуқи, буни кўрсатиб берадиган бирор мард ҳуқуқшунос борми? Сиз истагандек газ, свет пулларини олдиндан тўлаб қўйдикми, ҳаққимизга хиёнат қилманг! Ҳуқуқий демократик давлатда, бунга сабабчи бўлаётганлар жазо олса адолатдан бўлади.

Оддий бир фуқаро ўғрилик қилса, бировни ноҳақ ҳақорат қилса ҳам жазо муқаррар. Билмасдан, шошилгандан бир машина иккинчисини туртиб юборса ҳам жавобгарлик бор. Аммо нега кўриб, била туриб миллион, миллион фуқаронинг пулини олиб светию, газини ўчиртираётганларга жазо йўқ. Бир ҳокимнинг ишдан кетиши ёки бир раҳбарнинг вазифасидан бўшатилиши бу муаммоларни ҳал қилмайди. Ўғрига қандай қонуний жавобгарлик белгиланган бўлса, халқни совуқ кунларда газ, электр каби энергиясиз қолдираётганлар ҳам шундай жавобгарликка тортилса адолатдан бўлади.

Халқмиз сабр қиляпти, ҳаммаси яхши бўлиб кетиш умидини буткул сўндиргани йўқ. Аммо ҳамма нарсада меъёр бор, жумладан сабрда ҳам. Соҳага жавобгар мутасаддилар, меъёрни билинг. Халққа ўз ҳақи бўлган газ ва электрини беринг!

Наргиза Қувончева,

журналист