Вазирлик ва идоралардаги мажбурий бўлинмалар таркиби белгиланди

Вазирлик ва идораларнинг марказий аппаратлари ва ҳудудий бўлинмаларининг тузилмаларини шакллантириш бўйича ягона талаблар тасдиқланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини самарали йўлга қўйишга доир биринчи навбатдаги ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони (25.01.2023 йилдаги ПФ-14) қабул қилинди.

Эндиликда:

▪️ вазирлик ва идораларнинг марказий аппаратларида:

➖ таркибий бўлинмалар фақат 4 та шаклдан иборат бўлади (департамент 20+; бошқарма 7-19; бўлим 2-6; мутахассислар 1). Бунда, вазирликлар ҳузуридаги қўмиталар, агентликлар ва инспекцияларда департамент шаклида таркибий тузилма ташкил қилинмайди.

Амалда: 10 тадан зиёд шакллари мавжуд (департамент, бош бошқарма, бошқарма, бўлим, шўъба, хизмат, бюро, гуруҳ ва бошқалар);

➖ раҳбар ходимлар (раҳбар, унинг ўринбосарлари
ва маслаҳатчилари, ёрдамчиси, департамент, бошқарма, бўлим бошлиқлари ва ўринбосарлари) ва ижрочилар (мутахассислар) нисбати марказий аппарат бўйича камида 1/3 нисбатда (33/67 фоиз) бўлади.

Амалда: Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги марказий аппаратида раҳбар ва ижрочи ходимлар нисбати 44/56 фоизни ёки Энергетика вазирлигида 41/59 фоизни ташкил қилмоқда;

➖ вазирларга уларнинг фаолиятини стратегик вазифаларни ҳал этишга йўналтириш, кунлик ишлар бўйича иш юкламасини камайтириш мақсадида улар фаолиятини ҳуқуқий, ташкилий-техник, ахборот-таҳлил жиҳатдан таъминлайдиган Вазир котибияти ташкил қилишга ҳуқуқ берилмоқда;

➖ стратегик режалаштириш, ахборот хизмати, кадрлар, ахборот таҳлил, ижро назорати, мурожаатлар, АКТ, юридик таъминлаш, коррупцияга қарши курашиш, молия-иқтисод, халқаро алоқалар, биринчи бўлим таркибий бўлинмалари ташкил этилиши мажбурий этиб белгиланмоқда.