2023 йилда оилавий тадбиркорлик дастурига 12 триллион сўм берилади

Президент оилавий тадбиркорликни янада рағбатлантириш мақсадида молиявий кўмак кўлами кенгайтирилишини таъкидлади. Жумладан, 2023 йилда:

  • тадбиркорлар фаолиятини кенгайтириш учун кредит миқдори амалдаги 225 миллион сўмдан 300 миллион сўмгача оширилади;
  • деҳқон хўжаликларига гаровсиз кредит миқдори 50 миллион сўмгача оширилади (амалда 33 миллион сўм);
  • аввал оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида кредит олиб, яхши натижа кўрсатган тадбиркорлар ушбу дастурлар доирасида яна имтиёзли кредитлар олиши мумкин бўлади (ҳозир фақат бир марта олиш мумкин);
  • янги кредитлар олган фуқаролар ўзини ўзи банд қилганлар учун берилган имтиёзлардан фойдаланади;
  • кредитларнинг бир қисмини пластик картага олишга рухсат берилади.

2023 йилда оилавий тадбиркорлик дастурига 12 триллион сўм берилади (2022 йилда – қарийб 10 триллион сўм). Президент яқинда имзолаган қарорга кўра, оилавий тадбиркорликка қўшимча 300 миллион доллар ажратилади.