Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари энди икки давлатга ID-карта орқали ўтишлари мумкин бўлади. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Агентлик мухбирининг хабар беришича, Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга давлат ташрифи давомида 2006 йил 3 октябрда имзоланган Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қирғизистон Республикаси Ҳукумати ўртасида имзоланган фуқароларнинг ўзаро бориб-келишлари тўғрисидаги Битимга ўзгартиришлар киритиш тўғрисида Баённома ҳам алмашинилган.
Мазкур баённомага кўра, эндиликда Ўзбекистоннинг барча фуқаролари Қирғизистонга, худди шундай Қирғизистон фуқаролари Ўзбекистонга ID-карта орқали киришлари мумкин бўлади.
Авваллари икки қўшни давлатфуқаролари бир-бирининг ҳудудига фақат хорижга чиқиш паспорти билан ўтиши мумкин эди.
“Фуқароларнинг чегарадан кириш-чиқиши ҳақидаги маълумотлар электрон тарзда қайд этилади, паспортга штамп босишга ҳожат қолмайди.Ушбу енгиллик исталган транспорт орқали (самолёт, поезд, автомобил, автобус ва ҳк) чегарани кесиб ўтишда амал қилади”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, мазкур тартиб имзоланган ҳужжатлар иккала давлат томонидан тегишли тартибда тасдиқланган сўнг кучга киради. Томонлар бу вақт тахминан 1-2 ой вақт олишини маълум қилишмоқда.
“Ушбу тартиб айниқса Ўзбекистоннинг эксклав ҳудудлари бўлган Сўх, Шоҳимардон, Чўнғара каби ҳудудларидаги юртдошларимиз учун катта енгиллик бўлади, уларнинг чегарадан ўтишларидаги ортиқча бюрократияга чек қўяди”, дея қўшимча қилинади хабарда.
Маълумот учун, Ўзбекистон бугунги кунгача ҳали бирорта давлат билан ID-карта орқали ўзаро бориб-келиш тартибини йўлга қўймаган эди. Қўшни Қирғизистон бу борада биринчи бўлди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон ҳудудида келиб чиққан ёнғинни ўчиришга Қирғизистон ҳудудидан сув олиш учун қирғиз чегарачилари фуқароларга чегарани бузиб киришга рухсат бергани ҳақида хабар берган эдик.