Қизларга таҳдид қилган имом ишдан олинди

Ижтимоий тармоқларда ўқувчи қизларга таҳдид ва ҳақорат қилган Тошкент тумани “Эшонхўжа ота” масжиди имом-хатиби Авазхўжа Баҳромов ишдан олинган.

Кеча, 28 январь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Ички назорат комиссияси йиғилишида шу масала кўриб чиқилган. Йиғилишда имом-хатибнинг мазкур ҳолати имомлик мақомига мутлақо тўғри келмаслигига алоҳида урғу қаратилган.

Айниқса, ички меъёрий ҳужжатларда белгиланган “фуқаролар билан мулоқотда хушмуомала, вазмин ва самимий муносабатни намойиш қилиш” ва “ўзининг хатти-ҳаракати ва ахлоқи туфайли жамоатчиликнинг танқидига учрамаслик чораларини кўриш” деган бандлар А.Баҳромов томонидан қўпол равишда бузилгани айтилган.

“Афсуски, Авазхўжа Баҳромов мазкур хатти-ҳаракати билан меъёрий ҳужжатлар талабларини қўпол равишда бузиб, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг мазкур йўналишдаги буйруқлари, ички тартиб қоидалари ҳамда меҳнат мажбуриятларига риоя этмагани маълум бўлди”, дейилган идора хабарида.

Шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар Авазхўжа Баҳромовнинг мазкур хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш юзасидан иш олиб бораётгани айтилган.