Давлат статистика қўмитаси Ўзбекистоннинг 2022-йилдаги асосий демографик кўрсаткичларини тақдим қилди.
2022-йилда Ўзбекистонда қайд этилган никоҳлар сони 296,7 мингтани ташкил этиб, сўнгги 5 йилда сезиларли камайгани кузатилган.
Мисол учун, 2018 йилда 311,4 мингта, 2019 йилда 310,9 мингта, 2020 йилда 296,8 мингта, 2021 йилда 305,2 мингта никоҳ қайд этилган эди.
2022-йилда никоҳ қурганлар шаҳарларда 149,3 мингтани, қишлоқ жойларида 147,4 мингтани ташкил этди.
Никоҳланган аёлларнинг ўртача ёши 22,3 йилни, эркакларнинг ўртача ёши эса 26,5 йилни ташкил этган. Никоҳларнинг энг кўпи — 55,5 фоизи 25 ёшгача бўлганлар орасида тузилган.
2022-йилда никоҳдан ажралишлар сони 48,7 мингтани ташкил этиб, сўнгги 5 йилда сезиларли кўпайган. Мисол учун, 2018 йилда 32,3 мингта, 2019 йилда 31,4 мингта, 2020 йилда 28,2 мингта, 2021 йилда 39,3 мингта никоҳдан ажралиш қайд этилган эди.
2022-йилда никоҳдан ажралишларнинг 30,2 мингтаси шаҳарда, 18,5 мингтаси қишлоқ жойларида юз берган.
Никоҳдан ажрашганларнинг ўртача ёши эркаклар учун 39,2 йилни, аёллар учун 33,1 йилни ташкил этган. Никоҳдан ажрашганларнинг энг кўпи — 50,5 фоизи 35 ёшгача бўлганларга тўғри келади.