Давр ўзгаришлари шунчалик тез суръатларда содир бўлмоқдаки, инсоният кўп нарсага улгуриш учун уйқудан ҳам воз кечмоқда, уйқусизлик касалига дучор бўлмоқда. Бу эса, сўнгги вақтларнинг ҳақиқий бош оғриғига айланишга улгурди.
Тадқиқотларнинг кўрсатишича, уйқу етишмаслиги бош миянинг эмоционал марказларига жуда қаттиқ таъсир кўрсатади. Бу миянинг ўрганиш ва хотира каби жараёнларида салбий равишда ўз аксини топади.
Уйқусизлик – юзаки ёки чуқур уйқунинг тез-тез бузилиш ҳолатидир. Бундай ҳолатни даволаш жуда муҳим саналади, чунки уйқусизлик дардига дучор бўлганлар нормал ухлай олмаганлари учун чарчаш, кундузги уйқучанлик, қўзғалувчанлик, иш қобилиятининг пасайиши ва диққатни жалб қилиш қобилияти пасайиши каби ҳолатлардан азият чекадилар. Уйқу – бу инсон ҳаётида муҳим ўрин тутувчи ҳолатдир. Уйқуга бош мия марказлари жавоб беради ва улар гипоталамусда жойлашган бўлади.
Нормал уйқу икки фазани ўз ичига олади: тез (юзаки) ва секин (чуқур) уйқу. Уйқу ҳолатида организм кун давомида сарфлаган жисмоний ва психик ресурсларни қайта тиклаб олади. Болалик даврларида уйқу вақтида ўсиш гормонлари ишлаб чиқарилади. Статистика бўйича дунё аҳолисининг 35 % қисми уйқусизлик дардидан азият чекади. Шунинг учун ҳам бу касаллик билан курашиш долзарб муаммолардан биридир.
Уйқусизлик турли сабабларга кўра пайдо бўлади. Уйқусизликнинг кенг тарқалган сабаблари:
- қаттиқ стресс ва асаб тизимининг сурункали ортиқча юкланиши;
- ҳар қандай сурункали оғриқ;
- юрак ритмининг бузилиши;
- гипертиреоз (қондаги қалқонсимон без гормонларининг кўпайиши);
- жиғилдон қайнаши;
- сезиларли жисмоний чарчоқ;
- безовта оёқ синдроми;
- танадаги гормонал ўзгаришлар (балоғат ёши, ҳомиладорлик, менопауза);
- руҳий касалликлар ва бузилишлар: депрессия, шизофрения ва бошқалар;
Уйқусизликни даволаш
Уйқусизликни даволаш уни қандай сабабларга кўра келиб чиққанига боғлиқ. Агар уйқу билан боғлиқ муаммолар бадандаги касаллик фонида юзага келган бўлса, уни йўқ қилиш ёки симптомларнинг оғирлигини иложи борича камайтириш керак.
Австралиялик тадқиқотчилар кам уйқулик асоратларини тузатиш мумкин деган умумий хулосага келишди. Организмнинг ўзи унга қачон дам олиш кераклигини эслатиб туради. Тушликдан кейин озгина мизғиб олиш, дам олиш кунлари тўйиб ухлаш организм учун кони фойда.
Хулоса қилиб айтганда, етарлича ухламаган одамлар салбий ҳиссиётли тасвирларга 60% фаолроқ эътибор қаратади.
Тадқиқотчилар буни бош миянинг пешона олди қисмида ҳиссиётларни назорат қилиш вазифасининг тўхтатилиши билан боғлайди.
Абдурашитова Шоира,
ЎзДЖТУ талабаси