ЖССТ: Дунёда маймун чечагини юқтирганлар сони 85 минг нафардан ошди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг навбатдаги ҳисоботига кўра, 2022 йил бошидан шу кунгача 110 та мамлакатда яшовчи 85,5 минг кишида mpox (маймун чечаги) вируси қайд этилди. Улардан 89 нафари хасталик оқибатида ҳаётдан кўз юмди.

Таҳлилларга кўра, шу йил январь ойининг биринчи ярмида 716 та янги касалланиш ҳолати ва 9 та ўлим кўрсаткичи аниқланган. 23-29 январь оралиғида эса беморлар сони 403 нафарга ортган ва бу ундан аввалги ҳафтага нисбатан 109 та кўп кўрсаткичдир.

Жумладан, мазкур даврда 13 та мамлакатда ўсиш динамикаси кузатилган. Улар орасида Мексика етакчилик қилди.

Умуман, 2022 йил бошидан энг кўп беморлар аниқланган давлатлар:

АҚШ — 29 891,
Бразилия — 10 739,
Испания — 7 518,
Франция — 4 128,
Колумбия — 4 066,
Мексика — 3 768,
Буюк Британия — 3 735,
Перу — 3 723,
Германия — 3 692,
Канада — 1 460 нафар.