Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ахборот берди.
Хабарда қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги вакиллари Ҳатай вилоятининг Овакент қишлоғида қидирув-қутқарув ишларини бошлади.
Бу ҳудудда асосан 10 мингдан ортиқ этник ўзбеклар истиқомат қилади.
Ўзбекистоннинг Анқара шаҳридаги Элчихонаси ва Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси томонидан фуқароларимизни табиий офат ҳудудларидан хавфсиз жойларга кўчириш ва мамлакатимизга олиб келишга қаратилган қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, 3-6 февраль кунлари Каҳраманмараш шаҳрида 20 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида эркин кураш бўйича халқаро мусобақада иштирок этган Ўзбекистон терма жамоаси Туркия томони билан ҳамкорликда Анқарадаги таълим марказига вақтинчалик жойлаштирилди ва уларнинг Ўзбекистонга қайтариш масалалари ишлаб чиқилмоқда.
2023 йил 7 февраль (Тошкент вақти билан) соат 10.00 ҳолатига кўра, зилзила оқибатида Малатя провинциясида бир нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлганини афсус ва чуқур қайғу билан қайд этамиз. Ташқи ишлар вазирлиги марҳуманинг оила аъзолари ва яқинларига ўз ҳамдардлигини билдиради.
Бундан ташқари, тўрт нафар ҳамюртимиз бедарак йўқолган. Уларни топиш бўйича тезкор қидирув-қутқарув ишлари амалга оширилмоқда.
Ҳозирда зилзила оқибатида зарар кўрган фуқароларимизга тегишли ёрдам кўрсатиш ва уларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш мақсадида Ўзбекистоннинг Анқара шаҳридаги Элчихонаси қошида 24 соат фаолият юритадиган штаб ташкил этилган бўлиб, унга +90-538-035-85-34 рақами орқали мурожаат қилиш мумкин , дейилади маълумотда.