Россия Ҳарбий фанлар академияси катта илмий ходими, ҳарбий таҳлилчи Владимир Прохватилов Туркия ва Суриядаги ҳалокатли зилзилалар геофизик қуроллар ишлатилиши натижаси бўлиши мумкинлигини айтди. Бу ҳақда “EurAsia Daily” нашри хабар берди.
Олимнинг айтишича, назарий жиҳатдан электромагнит эффектлар ер қобиғининг силкинишига олиб келиши мумкин. Бироқ ҳозирда Туркия ва Сурияда геофизик қуроллар қўлланилган деб аниқ айтиш мумкин эмас. Чунки бундай айблов учун етарлича далил йўқ.
“Зилзила табиий ёки техноген сабаблар орқали содир бўлганини исботлашнинг ҳеч қандай усулини билмайман. Бу зилзилалар одатда иссиқ нуқталар деб аталадиган, муайян этник ёки ҳарбий тўқнашувлар юз берадиган жойларда содир бўлиши ташвишлидир. Туркия ташқаридан бошланган уруш тўхтамаётган Суриядаги воқеаларда фаол иштирок этмоқда”, деган Владимир Прохватилов.
Унинг айтишича, бу турдаги қуроллар Совуқ уруш даврида фаол ишлаб чиқилган. Бундай лойиҳалар орасида Американинг HAARP (High Frequency Active Auroral Research Program – юқори частотали радиотўлқинларнинг ионосфера тарқалишини ўрганиш дастури) лойиҳаси ҳам бор. Бу қутб кенгликларида жойлашган кучли қурилма бўлиб, у ионосферага юқори қувватли ион нурларини юбориш имкониятига эга. Улар стратосферанинг зич қатламларидан акс этади ва ернинг маълум бир ҳудудига тушади. Бир қатор тадқиқотчилар бундай қуролларни ернинг қаттиқ қизиб кетишига олиб келишини айтади. Шунингдек, ОАВда тарқалган хабарларда ҳам Россия, Хитой, Ҳиндистон, Европа, Покистондаги барча жиддий табиий офатлар HAARP лойиҳаси ишга туширилгандан сўнг бошлангани маълум қилинган. Аммо бунинг ишончлилигини текшириш мумкин эмас.
Таъкидлаш жоизки, Совуқ уруш даврида бу турдаги геофизик қуроллар СССРда ҳам бўлган. Хусусан, Нижний Новгород яқинида жойлашган СУРА радио мажмуаси HAARP’га қарши туриш учун ишлаб чиқилган. Россия томони СУРА узоқ вақтдан бери ёпилганини айтиб келади.