Ижтимоий тармоқларда Фарғона вилоятида йўлнинг қатнов қисми ўпирилиб тушгани акс этган фотохабар тарқалди. Ҳолат юзасидан вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси маълумот берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 1 февралида 4 К 923 Яйпан-Рапқон-Бешариқ-Чилмахрам автомобиль йўлининг 25 километрида ер ости сувларининг йўл қопламаси остига тўплангани оқибатида ўпирилиш содир бўлган.
Ҳолат шу куннинг ўзида керакли куч-воситалар ёрдамида бартараф этилиб, автомобиллар қатнови тиклангани айтилмоқда.
Йўлдаги носозлик туфайли содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасида Nexia русумли транспорт воситаси ҳайдовчиси дастлабки маълумотга кўра, енгил тан жароҳати олган.
“Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда”, дейилади бошқарма хабарида.