Россиядан келган ўқитувчилар ҳар ой пойтахт бюджетидан қарийб 6 млн сўм олади

Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Бахтиёр Раҳмонов жорий йил 10 феврал куни 2022/2023 ўқув йилида Тошкент шаҳридаги умумтаълим мактабларида дарс берган россиялик 7 нафар рус тили, математика, кимё, физика ва биология фанлари ўқитувчилари учун  Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетининг захира жамғармаси ҳисобидан 217 миллион сўм миқдоридаги маблағни ажратиш ҳақидаги фармойишни имзолади.

Қайд этилишича, мазкур маблағ билан ўқитувчиларнинг 2023 йил январ, феврал, март, апрел ва май ойлари давомидаги яшаш (ижара) харажатлари қопланади.

Шунингдек, мазкур ҳужжат билан 2023 йил Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетига тегишли ўзгартиришлар киритилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Статистика агентлиги 2022 йил учун корхона ва ташкилотлар ишчиларининг ўртача иш ҳақи тўғрисидаги маълумотларини эълон қилган ва унда иқтисодий фаолият турлари бўйича ўртача ойлик иш ҳақининг энг баланд кўрсаткичи – банк, суғурта, лизинг, кредит ва воситачилик фаолияти соҳасига тўғри келиб, 10 817,1 минг сўмни ташкил этган бўлса, таълим (2 695,4 минг сўм) ҳамда соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш (2 611,7 минг сўм) соҳалари бошқа соҳаларга нисбатан энг қуйи поғоналарда эканлиги маълум бўлган эди.