Профессор Японияда қарияларни оммавий ўз жонига қасд қилишини таклиф қилди

АҚШнинг Йель университетининг иқтисод кафедраси доценти Юсуке Нарита Японияда қарияларнининг оммавий ўз жонига қасд қилишини таклиф қилди. Бу ҳақда The New York Times хабар берди.

Профессор Юсуке Нарита 2021 йилги нутқида тез қарийдиган япон жамиятини қандай енгиш кераклиги ҳақида гапириб, бунинг ечими суицид ёки сеппуку эканини айтган. Сеппуку харакири ҳам дейилади. У ўрта асрларда Япониянинг самурайлар синфида қабул қилинган қоринни ёриб ўз жонига қасд қилиш маросими ҳисобланади.

2021 йили мактаб ёшидаги бола профессордан оммавий сеппуку назарияларини батафсил баён қилишни сўраганида, Нарита йиғилган бир гуруҳ талабаларга 2019 йилда суратга олинган “Мидсоммар” фильмидаги қўрқинчли саҳнани ёрқин тасвирлаб берган. Унда швед культи ўзининг энг кекса аъзоларидан бирини қоядан сакраб ўз жонига қасд қилишга юборади.

“Бу яхшими ёки йўқми деган саволга жавоб бериш қийинроқ. Агар буни яхши деб ҳисобласангиз, унда шундай жамиятни яратиш учун кўп меҳнат қилишингиз мумкин”, — деган у.

Шунингдек, профессор яна бир ҳолатда эвтаназияни (инсонни танасига дори юбориб ўлдириш) ҳам кўриб чиқишга чақирган. “Келажакда буни мажбурий қилиш имконияти муҳокама қилинади”, — деган у.

Профессор 37 ёшли Наританинг айтишича, унинг баёнотлари “контекстдан юлиб олинган”. У асосан ёш авлодга йўл очиш учун юқори мартабали одамларни бизнес ва сиёсий лавозимлардан четлаштириш мақсадида шундай деганини айтди. Бироқ, эвтаназия ва фаровонлик ҳақидаги гаплари билан у Япониядаги “энг иссиқ тугмани” босди.

Японияда танқидчилар гуруҳи профессор Наританинг машҳурлиги ҳукумат сиёсати ва ижтимоий нормаларга асоссиз таъсир қилган бўлиши мумкинлигини таъкидлади. Японияда туғилиш даражаси пастлиги ва ривожланган дунёда энг юқори давлат қарзига эгалиги ҳисобга олинса, сиёсатчилар Япониянинг ўсиб бораётган пенсия мажбуриятларини қандай молиялаштириш ҳақида тобора кўпроқ ташвишланмоқда.

Мамлакат демансдан азият чекадиган ёки ёлғиз ўлаётган кекса одамлар сонининг кўпайиши билан курашмоқда.

Профессор Нарита унга келиб тушган мактубларга Японияда магнатлар кўп йиллар давомида сиёсат, анъанавий саноат ва оммавий ахборот воситалари оламида ҳукмронлик қилишда давом этаётганидан хавотирдалигини айтган. У назарда тутган “оммавий ўз жонига қасд қилиш» ва «сеппуку» мавҳум метафора (ўхшатиш) эканини таъкидлаган.

“Мен уларнинг потенсиал салбий маънолари ҳақида кўпроқ ўйлашим керак эди. Ички текширувдан сўнг, у сўзлардан фойдаланишни тўхтатдим”, — деган у. Шунингдек, Нарита эвтаназияга ҳам қарши эканини қўшимча қилган.