Украинадаги “ҳарбий операция”ни танқид қилган талаба қиз 10 йилга қамалиши мумкин. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Қайд этилишича, 20 ёшли Архангелск университети талабаси Олеся Кривцова ҳозирда уй қамоғида сақланмоқда. Полиция унинг ҳар бир ҳаракатини кузатмоқда. Бунга эса Олесянинг ижтимоий тармоқлардаги урушга қарши постлари сабаб бўлган. Олеся терроризмни оқлаш ва Россия Қуролли кучларини обрўсизлантиришда айбланган. У 10 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши кутилмоқда.
“Интернетга бирор нарса жойлаштиргани учун ҳеч ким бунчалик узоқ қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкинлигини тасаввур ҳам қилмаганман. Мен Россияда ақлдан озган ҳукмлар ҳақида хабарларни кўрдим, лекин мен унчалик аҳамият бермадим ва гапиришда давом этдим”, дейди Олеся.
Шунингдек, Олеся Россиянинг расмий террорчилар ва экстремистлар рўйхатига ҳам киритилган. У ўзини террорчи гуруҳ аъзолари, турли отишмалар иштирокчилари билан бир рўйхатда кўрганидан ҳайратдалигини айтган. Унинг ўнг оёғида Путин ўргимчак шаклида тасвирланган татуировка бор. Тасвир тепасида эса Жорж Орвеллнинг “Катта оға сизни кузатиб турибди” деган жумласи ёзилган. Бироқ уни ката оға эмас, балки ўз курсдошлари кузатган. Яъни, судда Олесянинг курсдошлари гувоҳлик берган ва унга қарши чора кўришни талаб қилган. Судья эса уни уй қамоғида сақлашга қарор қилган.
Маълумот учун, мана бир йилдирки, Украинада “махсус ҳарбий операция” давом этар экан, бутун Россия бўйлаб уруш танқидчилари қоралаб келинади. Улар хоинликда ёки бошқа давлатларга агентлик қилишда айбланади.