Жорий йилнинг 15 февраль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия билан маҳкумларни топшириш бўйича ҳукуматлараро битимни ратификация қилиш тўғрисидаги қонунни имзолади.
Эслатиб ўтамиз, мазкур қонун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан ўтган йилнинг октябрь ойида қабул қилинган, декабрь ойида эса Сенат томонидан кўриб чиқилиб, маъқулланган эди.
Битим имзоланиши жорий йилнинг 30 март куни Туркия Республикаси Президентининг Ўзбекистонга расмий ташрифи доирасида бўлиб ўтди.Мазкур ҳужжат Ўзбекистон ва Туркия фуқароларига жазони ўз ватанларида ўташ имконини беради.
Мазкур қонуннинг қабул қилиниши фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларини янада самарали ҳимоя қилиш билан бирга, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги ижобий нуфузини мустаҳкамлашга хизмат қилади.