Ўзбекистон—Франция қўшма университети ташкил этилиши кутилмоқда

Ўзбекистон—Франция қўшма университетини ташкил этиш ҳамда Самарқанд шаҳрида “Франция алянси” фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда “Дунё” АА хабар берди.

Маълум қилинишича, Европа мамлакатлари ва Европа Иттифоқи институтлари билан ҳамкорлик бошқармаси раҳбари Ойбек Шахавдинов Франция ТИВнинг Континентал Европа департаменти директорининг ўринбосари Силвен Гиёге билан видеоконференция воситасида музокаралар ўтказди.

Онлайн учрашувда Ўзбекистоннинг Франция ва Португалиядаги элчиси Сардор Рустамбоев ва Франциянинг Ўзбекистондаги элчиси Орелия Бушез ҳам иштирок этди.

Учрашувда Францияга олий даражадаги ташриф якунлари бўйича эришилган барча келишувларни, жумладан, савдо-иқтисодий ва сармоявий соҳалардаги келишувларни ўз вақтида ва тўла амалга ошириш масалалари муҳокама қилинган.

Томонлар 2023 йил апрелида ташқи савдо, иқтисодий жозибадорлик ва хориждаги Франция фуқаролари вазирининг Ўзбекистонга ташрифини, шунингдек, савдо-иқтисодий масалалар бўйича Ўзбекистон—Франция ҳукуматлараро комиссиясининг 9-йиғилишини, шунингдек, Франциянинг MEDEF корхоналари иштирокида икки томонлама учрашувларни ўтказишга қарор қилди.

2023 йилда Парижда икки мамлакат ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг 14-раундини ўтказиш масаласи ҳам муҳокама қилинган.