Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида 10 февраль куни эр-хотин ис газидан заҳарланиб вафот этди. Бу ҳақда “Миллар” дастурида хабар берилди.
Хабарларга кўра, эр-хотин 9 февраль куни тунда ювиниш хонасига кириб кетиб, тонгги 8:00 гача у ердан чиқмаган. Бундан хавотирга тушган икки нафар ўғил хабар олиш мақсадида борганда уларни ўлик ҳолда топган.
Туман ҳокими ёрдамчиси Диёр Пўлатовнинг айтишича, ҳодисага дудбурондан чиққан ис гази сабаб бўлган. “Оилада икки нафар фарзанд бор эди. Уй-жойим дейдиган эр-хотин эди. Шундай бахтсиз ҳодиса содир бўлиб, вафот этишди”, — дейди уларнинг қўшниси.
“Текшириб кўрганимизда, ҳаммомда ўрнатилган печ ноқонуний бўлиб чиқди. Ҳозирги кунда ис газидан заҳарлангани аниқ эмас. Вилоят прокуратураси текширув ишлари олиб бормоқда”, — дея маълум қилди туман газ таъминоти корхонаси раҳбари ўринбосари Ҳамза Шодиев.