Талаба фуқаронинг картасидан 75 миллион пулни “ухлатди”

Университет талабаси сурхондарёлик фуқаронинг картасидан 75 миллион сўмдан ортиқ пулларни ўғирлади. Бу ҳақда Киберхавфсизлик маркази хабар берди.

Қайд этилишича, Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида яшовчи фуқаро ариза билан мурожаат қилиб, номаълум шахс унинг банк картасидан 75 700 000 сўм миқдордаги пулларини ечиб олганини билдирган. Шунингдек, номаълум шахсга нисбатан қонуний чора кўришни ва пулларни қайтаришда ёрдам сўраган.

Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлар давомида, ушбу жиноятни университетнинг 1997 йилда туғилган 4-курс талабаси содир этгани аниқланган.

У жабрланувчига қўнғироқ қилиб, банк ходими эканини билдирган ва смс-хабарномани қўлга киритган. Шундан сўнг у мавжуд бўлган барча пулларни номаълум шахс номига расмийлаштирилган банк картасига ўтказиб олиб, турли банкоматлар орқали пулларини ечиб олган.

“Унга нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, дейилади хабарда.