Ер усти метро йўналиши эстакадаси остидаги ҳудудларда жами 2700 ўринли автотураргоҳлар ташкил этилади.
Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда “Тошкент метрополитени” ДУК ҳаракат хизмати раҳбари Султон Қодиров маълум қилди:
Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021-йил 16-октябрдаги “Тошкент метрополитени фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-5260-сонли қарорига асосан, метрополитен фаолиятини самарадорлигини ошириш йўналиши сифатида ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб берувчи, шаҳарсозлик фаолиятини техник жиҳатдан тартибга солувчи норматив ҳужжат талаблари асосида тизим ҳудудида йўловчиларга қулай хизмат кўрсатиш яъни, савдо фаолияти тикланади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022-йил 8-июлдаги “Тошкент шаҳар жамоат транспорти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-313-сонли қарорида белгиланган топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида, Тошкент шаҳар Яшнобод туманидан ўтувчи ер усти метро йўналиши эстакадаси остидаги (умумий ер майдони 2,9 гектар) ҳудудда 1200 ўринли бешта автотураргоҳ ҳамда Сергели туманидан ўтувчи ер усти метро йўналиши (умумий ер майдони 3,37 гектар) ҳудудида 1500 ўринли еттита автотураргоҳ, жами бўлиб 2700 ўринли автотураргоҳ ташкил этилиши режалаштирилган.
Қайд этилган режалаштирилган ишларни амалга оширилиши натижасида умумий ҳисобда 1700 та янги ишчи ўринлари яратилади.
Маълумот учун юқоридаги Президент қарорларига асосан метрополитен йўловчиларига сифатли хизмат кўрсатиш учун 2023-йил давомида метро вагонларини паркини янгилаш мақсадида, метро йўналишларига бешинчи вагон сифатида 10 та ҳаракат таркибларига қўшимча вагон қўшилиши, шунингдек, 14 та тўрт вагонли замонавий турдаги янги ҳаракат таркиблари фойдаланишга топширилади.
Натижада, метро поездларини ҳаракатланиш жадвалида кўрсатилган интервалларини қисқартиришга эришилади.
Аввалроқ, қарор ижросини таъминлаш мақсадида, ҳозирги кунда Тошкент метрополитени “Новза” метро бекати ҳудуди ҳисобланган пиёдалар ўтиш йўлагида синов ва эталон сифатида савдо шаҳобчаларини қуриш ишлари амалга оширилмоқда.