Жорий йилнинг 20 февраль куни Ҳатай вилоятининг Дафна туманида содир бўлган зилзила қурбонлари сони 6 кишига, жароҳатланганлар сони 562 нафарга етди. Бу ҳақда Туркия Ички ишлар вазири Сулаймон Сойлу маълумотларига таяниб, “TRT Haber” маълум қилди.
“Қидирув-қутқарув хизматлари ходимлари ўз жойларида. Ҳатайда қулаган 5 та бино вайронасида қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда”, дейди Сулаймон Сойлу.
Шунингдек, Ички ишлар вазири фуқароларни шикастланган бино ва иншоотларга киришларини қатъиян тақиқлади.
Маълум бўлишича, 20 февралдаги зилзиладан сўнг яна 90 та кичик магнитудали ер силкинишлари кузатилган.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг 20 февраль куни Ҳатай вилоятининг Дафна ва Самандағ туманларида 6,4 ва 5,8 магнитудали 3 дақиқалик интервал билан иккита ер силкиниши содир бўлган эди. 6,4 магнитудали зилзила эпимаркази Туркиянинг Антакя шаҳридан 9 километр, Суриянинг Латакия шаҳридан 75 километр узоқликда жойлашган. Сейсмологларнинг таҳлилларига кўра, Ливан, Сурия, Исроил ва Кипрда ҳам ер силкинишлари сезилган.