Оҳангаронда бола ўғрилари пайдо бўлдими?

Бола ўғирлашда гумонланаётган аёллар турли хил ҳашарот ва зараркунандаларга қарши дорилар ва дезинфекция воситаларини сотиш билан шуғулланадиган шахслар бўлиб чиққани айтилмоқда.

Телеграм-каналларда Оҳангаронда бола ўғирламоқчи бўлган аёллар қўлга тушгани ҳақида видео тарқалмоқда. Видеода кўп қаватли уйлар жойлашган маҳалладан узоқлашаётган уч нафар аёлни шу ерда яшовчи хотин-қизлар таъқиб қилаётгани кўринади.

Маҳаллий аҳоли томонидан саволга тутилаётган аёллар ҳеч бир саволга жавоб бермасдан йўлида қочиб кетаётганда воқеа жойига ички ишлар ходимлари етиб келган. Маълум бўлишича, ходимлар аҳолининг 102 қисқа рақамига қўнғироғидан кейин етиб келган.

Тасвирларда бола ўғирлашда гумонланаётган аёлларнинг бири ички ишлар ходимларининг талабига бўйсунмаётгани, шу ерда яшовчи аёллар билан ёқалашгани акс этган.

Тошкент вилоят ИИББ ахборот хизмати раҳбари Kun.uz сўровига жавобан муҳокамаларга сабаб бўлаётган ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қилди.

“Интернетда тарқалган видеодан хабарим бор. Тез орада ҳолат юзасидан расман муносабат билдирамиз. Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Оҳангаронда бола ўғирламоқчи бўлгани айтилаётган аёллар аслида турли хил ҳашарот ва зараркунандаларга қарши дорилар ва дезинфекция воситаларини сотиш билан шуғулланадиган шахслар экани аниқланди.

Улар видеода акс этган ҳудуддаги “дом”лар орасида юришганида шу ерда яшовчилардан бири уларни видеога олиб бола ўғирлашмоқчи бўлиб юрган аёллар юрибди дея тарқатиб юборган. Яқинда Тошкент шаҳрида бир қанча аёл бола ўғирламоқчи бўлгани ҳақида ёлғон хабарлар тарқалганди. Видеони тарқатган шахс уларни ана шу аёлларга ўхшатиб юборган.

Шундан кейин маҳалладаги аёллар чиқиб аёлларни ушлашган, бақир-чақир бўлган. Воқеа жойига профилактика инспекторлари етиб борган. Аёлларнинг ёнидан тегишли ҳужжатлар ва дори воситалари чиққан. Ҳолат бўйича ҳужжатлар расмийлаштирилиб, аёлларга чора кўриш учун солиқ органига топширилган”, дейди Бобур Тўлаганов.

Тошкент вилояти ИИББга ko‘ra, воқеа 20 феврал куни содир бўлган. Суриштирув давомида аёлларнинг шахсига аниқлик киритилган ва уларнинг барчаси Тошкент шаҳрида яшаши аниқланган.