МИБнинг иккита вилоят бошқармасига раҳбарлар тайинланди

Мажбурий ижро бюросининг Жиззах ва Самарқанд вилоят бошқармасига янги раҳбар тайинланди. Бу ҳақда бюро ахборот хизмати хабар берди

Хабарга кўра, бош прокурор буйруғи билан Бекзод Шоимович Менглиев Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг Жиззах вилоят бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди. Бунгача ушбу лавозимда Суръат Жаббаров фаолият юритганди. У 1985 йил Сурхондарё вилоятида туғилган. Иш фаолиятини 2009 йилда Суд ижрочилари Тошкент туман бўлими суд ижрочиси вазифасидан бошлаган. 2015 йилда Суд департаменти Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаган.

Сўнгра, 2017 йилда Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг бўлим бош инспектори лавозимида ўз ишини давом эттирган. Мазкур тайинловга қадар, Бекзод Менглиев бюронинг Тошкент вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келаётган эди.

Шунингдек, бюронинг Самарқанд вилоят бошқармасига ҳам янги раҳбар тайинланди. Бош прокурор буйруғи билан Суръат Шухратович Жаббаров Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг Самарқанд вилоят бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди. Бунгача ушбу лавозимда Мехрож Насруллаев фаолият юритганди.

Суръат Жаббаров 1976 йил Жиззах вилоятида туғилган. У иш фаолиятини 2002 йилда Самарқанд вилояти Сиёб туман прокуратураси иш ўрганувчиси вазифасидан бошлаган. Сўнгра, Самарқанд вилояти, Тошкент шаҳар ва Жиззах вилояти прокуратура органларида турли лавозимларда иш олиб борган.

2017 йилда Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг Жиззах вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари лавозимида ўз ишини давом эттирган. Мазкур тайинловга қадар, у бюронинг Жиззах вилоят бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият юритиб келаётган эди.