Ижтимоий тармоқларда Қорақалпоғистон Республикасининг Тўрткўл туманидаги каналда босим ортиши туфайли уйларни сув босгани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги муносабат билдирди.
Қайд этилишича, кеча, 24 февраль куни соат 3-4 лар атрофида Тўрткўл туманидаги “Калта минор-1” хўжаликлараро каналида 192-пикети ён томонидан (тўғон) сув тушиши оқибатида ҳудуддаги уйлар ва бинолар шикастланган.
Ҳолатни бартараф этиш мақсадида ишчи кучлар ва махсус техника сафарбар қилиниб, эрталаб соат 7:00 да каналдан сув чиққан жой бутунлай ёпилган.
Аниқланишича, сувнинг ювилиши ва канал қирғоқларининг қулаши оқибатида ҳудуддаги 8 та хонадоннинг уй-жойлари ва 2,5 гектар экин майдонлари зарар кўрган.