Қорақалпоғистоннинг Кегейли туманидаги бир неча мактабда ўқувчиларга истеъмолга яроқсиз озиқ-овқат маҳсулотлари берилаётгани аниқланди. Бу ҳақда Жўқорғи Кенгес Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ҳудудий санитария эпидемиология бўлими ходимлари томонидан Кегейли туманидаги 1-8-19 ва 55-сонли умумтаълим мактабларида ўрганиш ишлари олиб борилганда бир қатор қўпол хато ва камчиликлар аниқланган.
Хусусан, болаларга берилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари белгиланган меъёрдан паст бўлиб, ичимлик суви ва иссиқ чой билан таъминлаш учун шароит етарли эмас.
“Энг ачинарлиси, озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ўрганилса, олма шарбати истеъмолга яроқсиз ҳолатда экани, бундан ташқари, қадоқланган маҳсулотларга зараркунандалар томонидан зиён етказилгани маълум бўлди. Қолаверса, ушбу озиқ-овқат маҳсулотлари махсус автомашиналарда эмас, балки йўловчи транспортида етказиб берилади. Бундан ташқари, турли мактабларда кундалик озиқ-овқат маҳсулотлари сифатини назорат қилувчи комиссия таркиби тузилмаган”, дейилади хабарда.
Ҳозирда кузатув ташкилотлари томонидан аниқланган камчиликларни бартараф этиш, айбдорларга чора кўриш бўйича тегишли тартибда ишлар олиб борилаётгани айтилмоқда.
“Айтиш жоизки, болаларнинг овқатланиши талаблари бажарилиши юзасидан республиканинг барча мактабларида ўқув-тарбия ишлари олиб борилиб, мактаб директорлари ва айбдорларга қаттиқ жазо чоралари кўрилмоқда”, дея таъкидланади хабарда.