АИ-80 автобензин учун акциз солиғини «ноль» ставкада қўллаш муддати йил охирига қадар узайтирилди

Бу ҳақда Президентнинг тегишли қарори қабул қилинган.

2022 йил 10 декабрдаги қарорга кўра, аслида АИ-80 русумли автобензин учун акциз солиғини «ноль» ставкада қўллашнинг амал қилиш муддати эртага, 2023 йил 1 март куни якунига етиши керак эди.

Истеъмолчиларнинг нефть маҳсулотларига бўлган талабини қондириш ҳамда нархлар барқарорлигини таъминлаш мақсадида импорт қилинадиган, маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқариладиган ва тадбиркорлик субъектлари томонидан якуний истеъмолчиларга сотиладиган АИ-80 русумли автобензин маҳсулоти учун акциз солиғини «ноль» ставкада қўллаш муддати 2023 йил 31 декабрга қадар узайтирилди.

Аввалроқ 1 мартдан «ноль ставка» муддати тугаши сабабли бензин нархлари ошиши кутилаётгани хабар қилинганди. Энди имтиёз муддати йил охиригача узайтирилгани сабабли бензин нархларида ўзгариш бўлмаса керак (яна ҳам биржа савдоларига боғлиқ).