Россия Президенти Владимир Путин адабий рус тили меъёрларига риоя қилишни рағбатлантириш ва хорижий сўзлардан фойдаланишни назоратга олишга қаратилган қонунни имзолади. Тегишли ҳужжат кеча, 28 февраль куни эълон қилинди.
Қайд этилишича, ҳужжат билан “Россия Федерациясининг давлат тили тўғрисида”ги қонунга ўзгартиришлар киритилган. Янги ташаббус рус тилининг ягона кўп миллатли давлатда Россия Федерациясининг давлат тили сифатида бирлаштирувчи ролини таъкидлайди, Россия Федерациясининг давлат тилидан фойдаланиш мажбурий бўлган соҳаларни кенгайтиради ва аниқлайди.
Қонунда рус тилининг меъёрларини давлат тили сифатида белгиловчи норматив луғатлар, грамматика ва маълумотномалар каби тушунчалар киритилган.
Адабий тил ва ўзлаштириш
Киритилган ўзгартиришларга кўра, рус тилини қонун билан белгиланган барча соҳаларда давлат тили сифатида қўллашда замонавий рус адабий тилининг меъёрларига, яъни стандарт луғатларда, маълумотномаларда ва грамматикаларда қайд этилган тил воситаларидан фойдаланиш қоидаларига риоя қилиш керак. Уларнинг рўйхатини шакллантириш ва тасдиқлаш тартиби, шунингдек, норматив луғатларни тузиш ва чоп этиш даврийлигига қўйиладиган талаблар рус тили бўйича ҳукумат комиссияси томонидан таклиф этилади ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
Қонун илгари замонавий рус адабий тили меъёрларига тўғри келмайдиган сўз ва ибораларни, жумладан, беҳаё сўзларни қўллашни тақиқлаган эди. Истисно, аввалгидек, фақат рус тилида кенг тарқалган аналоглари бўлмаган хорижий сўзлар бўлади. Бундай сўзларнинг рўйхати норматив луғатлар ва маълумотномаларда мавжуд бўлади.
Қонунга кўра, Россия Федерациясининг барча даражадаги ҳокимият органлари ўртасидаги муносабатларда, шунингдек, барча мулкчилик шаклидан қатъи назар барча ташкилотларнинг Россия Федерацияси фуқаролари ва чет элликлар билан расмий ёзишмаларида давлат тили сифатида рус тилининг нормаларига риоя қилиш мажбурийдир.
Россия Федерациясининг давлат тилини ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш учун давлат органлари лингвистик экспертиза ўтказилишини ёки тайёрланаётган ҳужжатлар матнларини меъёрларга мувофиқлаштириш учун таҳрир қилинишини таъминлаши керак. Бунинг учун зарур ҳолларда мутахассислар жалб қилинади ва ахборот технологияларидан фойдаланилади. Ушбу қоида, барча бошқа тартиблардан фарқли ўлароқ, 2025 йил 1 январдан кучга киради, чунки тегишли платформаларни тайёрлаш учун вақт керак.
Қонун, шунингдек, ҳокимиятга Россия Федерацияси фуқаролари учун рус тилини ўрганиш учун бепул фойдаланиш кафолатларини таъминлаш, чет элликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан Россия ҳудудида ва ундан ташқарида уни ўрганиш учун шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, хориждаги ватандошларга уларнинг истиқомат қилаётган давлатлари ҳудудларида рус тилида ахборот олиш, тарқатиш ва улардан фойдаланишда ёрдам кўрсатиш мажбуриятини юклайди.