Аввалроқ, йўлакларда ҳаракатланувчи пиёдалар учун сариқ нимчалардан фойдаланиш тартиби жорий этилиши ҳақида хабар берилганди. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг собиқ депутати, Табиат ресурслари вазирининг маслаҳатчиси Расул Кушербаев ушбу ташаббус юзасидан фикр билдирди.
“Келгусида кечқурун йўлларда пиёда юрмоқчи бўлсак устимизда нур қайтаргичли нимчалар бўлиши керак экан. Бу йўл транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларни олдини олиш ва ҳоказолар учун зарур дейишмоқда. Бу янгиликни ўқиб мияга келган биринчи фикр шу бўлди: демак кимдир нур қайтаргичли нимчалар ишлаб чиқармоқчи ва уни ўтказиш керак. Бундай ўйлаётганим учун узр. Афсуски, бизда кўп ташаббуслар айланиб ўргилиб монополияга бориб тақалаверади, у ёғига салоҳият етмайди”, – дейди Кушербаев.
Сиёсатчининг айтишича, сариқ нимчасиз юрганлик учун жарима тўлаш йўлга қўйилиши мумкин.
“Ишқилиб бу ташаббус амалга ошиб қолмасин деймиз. Акс ҳолда сариқ нимчасиз юрганлик учун ҳам катта эҳтимол билан жарима тўлаш йўлга қўйилади. Бу эса алал-оқибат кўчада пиёда юриш ҳам пуллик бўлади, дегани”, – дея хулоса қилган у.