Тошкент туманлараро иқтисодий суди қарори билан «Туркистонбанк» банкрот деб топилди. Банкни тугатиш комиссияси ҳам ўз фаолиятини якунлади.
Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 15 февралдаги қарори билан «Туркистонбанк» банкрот деб топилди, дея хабар бермоқда Марказий банк матбуот хизмати.
Марказий банк бошқарувининг тегишли қарорига асосан «Туркистонбанк»ни тугатиш комиссияси ўз фаолиятини тугатди. Суд томонидан А.Келдиев тугатиш бошқарувчиси этиб тайинланди.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг октябрь ойида Марказий банкнинг тегишли қарорлари билан «Туркистонбанк» ва Hi-tech bank`дан банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензиялар чақириб олинганди. Шунингдек, банкларни тугатиш комиссияси таркиби тайинланганди.
Ноябрь ойида банкнинг бир гуруҳ омонатчиларининг маблағларини субординар қарз сифатида расмийлаштириши оқибатида, камида 59 киши ўзига тегишли 57 млрд сўм маблағларни қайтариб ололмагани хабар қилинганди. Шундан сўнг, МБ мижозлар мурожаатини кўриб чиқиш жараёнини назоратга олганди.
Фуқароларнинг банклардаги омонатларини кафолатлаш фонди Кузатув кенгашининг қарорига кўра, 21 ноябрдан «Туркистонбанк» омонатчилари ўз маблағларини қайтариб олиш ва омонатга қўйиш юзасидан агент-банк сифатида танланган «Қишлоқ қурилиш банк»га мурожаат этишлари мумкин бўлганди.
«Туркистонбанк» хусусий акциядорлик тижорат банки 1998 йилда ташкил этилган. Дастлаб, банк транспорт ташкилотларига банк хизматлари кўрсатувчи тармоқ банки сифатида иш бошлаган, кейинчалик универсал банк сифатида фаолият доирасини кенгайтирган. Октябрь ойида у Ўзбекистон банк тизимида активлари бўйича 26-ўринни эгаллаган.