Мактабларда дарс тонгги 5 да бошланишга чақирилди

Индонезиянинг Шарқий Нуса Тенггара (НТТ) провинциясидаги давлат ўрта мактаблари ўқувчилари учун эрталаб соат 5:00 да дарс машғулотларига келиш талаби қўйилмоқда. Бу ҳақда “Coconuts Bali” нашри хабар берди.

Қайд этилишича, Губернатор Виктор Лайскодат бошчилигидаги провинция маъмурияти Купанг вилояти марказидаги давлат ўрта мактабларида дарс вақтини эрталаб соат 5:00 да бошлаш мажбуриятини олган янги таълим сиёсатини амалга оширди. Унга кўра, бу ўқувчиларда курашувчанлик характерини шакллантиради.

“Улар соат 22:00 да ухлаб, эрталаб соат 4:00 да уйғонишлари мумкин. Олти соат ухлаш кифоя. 30 дақиқа ювинишга, мактабга келиши учун эса 30 дақиқа ажратилади. Шу тариқа ўқувчилар эрталаб соат 5 да мактабда бўлишлари мумкин. Буни амалга оширишнинг асосий сабабларидан бири ўқувчиларимизни интизомли қилишдир”, дейди губернатор Виктор.

Провинциянинг Омбудсман идораси Викторни сиёсатни қайта кўриб чиқишга чақирди, чунки дарслар бошланишини эрталабки 7:15 дан эрталабки 5:00 га ўтказишдан ҳеч ким наф кўрмайди.

“Мен ушбу сиёсат мактаб қўмиталари ва ота-оналар билан яна муҳокама қилинишини сўрайман”, деди Омбудсман раҳбари Дариус Беда Датон.