“Ўзгидромет” дам олиш кунлари учун об-ҳаво прогнозини эълон қилди.
Ўзбекистон ҳудуди бўйича ҳаво булутли бўлади, ёғингарчилик кутилмайди, фақат Тошкент вилоятининг тоғолди ва тоғли ҳудудларида ёмғир ёғади, баланд тоғларда ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади. Кундузги ҳарорат 15-20 даража атрофида илиқ, жанубда баъзи жойларда 23 даражагача илиқ бўлади.
4 мартда республиканинг шимоли-ғарбий ҳудудларига Кавказ ҳудудларидан нам ҳаво массалари кириб келиши бошланади. Қорақалпоғистон Республикасининг баъзи жойларида бироз ёмғир ёғиши мумкин. 5 мартда нам ҳаво массаси Ўзбекистоннинг барча ҳудудларига тарқалади. Республика бўйича баъзи жойларда ёмғир ёғади. Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилоятида ва Фарғона водийси вилоятларида ёғингарчилик кутилмайди.
Кундузги ҳаво ҳарорати 21-24 даража илиқ, ёмғир пайтида 18-20 даража илиқ атрофида бўлади.
3—5 март кунлари республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 15-20 метр/секундгача кучаяди, айрим жойларда чанг-тўзон билан кузатилади. Навоий ва Жиззах вилоятларида 5 мартда 22-25 метр/секундгача кучайиши мумкин.
Тошкентда 3—4 март кунлари ҳаво кам булутли бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. 5 мартда бироз ёмғир ёғади. Шамол шарқдан 5-10 метр/секунд тезликда эсади, 5 мартда 12-15 метр/секундгача кучайиши мумкин.
Ҳаво ҳарорати шанба ва якшанба кунлари 19-21 даража илиқни ташкил этади.
Эслатиб ўтамиз, 5—6 ва 8—10 март кунлари кутилаётган ёмғирлар сабаб тоғолди ва тоғли ҳудудларда сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин.