Тошкентда «Рёдан» ҳаракатига алоқадорликда гумон қилинган 50 нафарга яқин бола олиб кетилди

Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармаси фуқароларни ижтимоий тармоқларда бузғунчи шиорлар таъсирига тушиб қолиш ва нотаниш кимсалар таъсирига тушиб қолиш хавфидан огоҳлантирган эди.

Идоранинг маълум қилишича, жорий йил 5 март куни ушбу гуруҳ аъзолари томонидан соат 18:00 да Форумлар саройи олдида йиғилиш ўтказилиши ва пневматика, совуқ қуроллар, ўқотар қуроллар билан қуролланиб келишлиги ҳақида хабар чиқарилган.

Мазкур хабарларни текшириш ва жамоат тартиби бузилишини олдини олиш мақсадида Тошкент шаҳар ИИББ томонидан махсус тезкор-профилактик тадбирлар ўтказилган.

Натижада, 5 март куни тахминан соат 18:00 ларда пойтахтимизнинг халқаро Форумлар саройи олдида 50 нафарга яқин вояга етмаганлар тўпланганлиги аниқланган.

Улар Яшнобод тумани ИИО ФМБга олиб борилиб, профилактик суҳбат ўтказилган. Ўрганишлар жараёнида 9 нафар вояга етмаган шахс ижтимоий тармоқлардаги «Рёдан» каналига аъзолиги аниқланган.

Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсовнинг Xabardor.uz’га билдиришича, барча вояга етмаган шахслар шу куннинг ўзида ота-онаси ёки яқинлари билан бирга уйига қўйиб юборилган, ҳеч ким процессуал тартибда ушланмаган.

Маълум қилинишича, оммавий тартибсизлик, диний, миллий, этник адоватни тарғиб қилувчи хабарларни тарқатган шахсларни аниқлаш юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ томонидан текширув ўтказилмоқда.