Ички органлардаги жароҳатларни тикловчи 3D-принтер ихтиро қилинди

Австралиялик олимлар инсон организмидаги ҳужайраларни уч ўлчамда чоп этувчи универсал хирургик аппарат — махсус 3D-принтер яратди.

Янгилик сунъий йўғон ичак юзасида муваффақиятли синовдан ўтказилди. Яъни қурилма эндоскоп сингари танага кириб бориб, имплантация учун зарур биоматериалларни бевосита ички органлар ва тўқималар юзасига етказиб берди.

Маълумки, анъанавий 3D-принтерда ички органлар, хусусан, ҳужайраларнинг уч ўлчамли шаклини яратиш ва уларни беморларга имплантация қилиш учун очиқ усулдаги операцияларни ўтказиш талаб этилади. Бу эса организмга инфекциялар юқиш хавфини ошириши, шубҳасиз.

“Биз ишлаб чиққан қурилма кам инвазив йўл билан биоматериалларни бевосита тўқималар ёки органларга етказиб беради. Ўз навбатида, ошқозон девори ёки йўғон ичак яллиғланишларида танадаги яралар ўрнини 3D тиклаш имконини беради» — дейди тадқиқот муаллифлари.

Олимлар хулосасига кўра, яқин йилларда ушбу инновацион технология ёрдамида жуда митти кесмалар орқали организмнинг етиб бориш ўта мураккаб нуқталарида ҳам самарали муолажаларни бажариш имконияти юзага келади.